Home / Seom Tarixi

Seom Tarixi

ДСЭНМнинг тарихи

ДСЭНМнинг тарихи тўғрисида маълумот

Ўтган даврга бир назар ташлайдиган бўлсак, санитария-эпидемиология муассасалари сонининг кўпайиб бориши, улар фаолиятининг марказлаштирилган ҳолда бошқаришни ҳамда ташкилий-услубий маркази яратишни тақазо этди. Шу мақсадда 1952 йилнинг 13 майида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 838-сонли Қарори асосида Республика Санитария-эпидемиология станцияси – СЭС ташкил этилди. Унга биринчи бош врач этиб С.Н.Ниёзов тайинланди.

Республика СЭСда дастлабки йилларда жами 68 нафар ходим фаолият кўрсатган бўлиб, шундан 19 таси олий маълумотли врачлар эди. 1955 йилда республикада санитария-эпидемиология хизмати таркибига ўзгартиришлар киритилди. Давлат санитария инспекцияси, санитария-эпидемиология станцияси, безгакка ва бруцелёз (қора оқсоқ)га қарши иш олиб борган муассасалар бирлаштирилиб, ягона ҳудудий, санитария-эпидемиология станцияси ташкил этилди. 1960 йилга келиб Республикада 154 та, санитария-эпидемиология станциялари фаолият кўрсатди. 1963 йилга келиб Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

1967 йилга келиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан республикада санитария-эпидемиология хизмати фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Кенгашининг туман СЭСларининг мустақиллигини тиклаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди ҳамда 1956 йилда туман марказий касалхонасига бириктириб қўйилган туман СЭСлари алоҳида ажралиб чиқди.

Биринчи бор, 1968 йилда Ўзбекистон Республика санитария-эпидемиология хизматини марказлаштирилган бошқарув ва молиялаштириш амалга оширилди.

1973 йил 31 майда Вазирлар Кенгашининг “Мамлакатда Давлат санитария назорати тўғрисида”ги Қарори чиқди. Бу ҳужжатнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизматининг ривожланишида янги босқични белгилаб берди.

1974 йилдан бошлаб, санитария-эпидемиология хизматининг лаборатория текширувлари (таҳлиллари) марказлаштирилди. Тошкент шаҳрида ва 9 та вилоятларда 31 та туманлараро лабораториялар ташкил этилиб, улар замонавий ускуналар билан жиҳозланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 1978 йил 24 июлдаги “Санитария-эпидемиология хизматини яхшилашнинг келгусидаги чоралари тўғрисида”ги 422-сонли қарорининг қабул қилиниши Республикада нафақат Соғлиқни сақлашни муҳофазалаш ишларининг ривожланишида, балки жорий ва якуний санитария назоратининг такомиллаштиришда, бошқа мутасадди муассаса ва корхоналар томонидан ташқи муҳитни ифлослантиришга йўл қўйилмаслик, сув таъминотини яхшилаш, аҳоли яшаш пунктларида санитария тозалигига эътибор бериш, умумий овқатланиш корхоналарида болалар муассасаларида санитария тозалиги, соғлиқни муҳофаза қилиш тадбирларининг бажарилишини яхшилашга асос бўлди.

1992 йил 3 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаш Қарори билан “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун Давлат санитария назорати фаолиятини ҳуқуқий асосидир. Бу қонуннинг қабул қилиниши (умумдавлат аҳамиятга эга бўлиб) аҳолининг санитария ва эпидемиологик хавфсизлигини таъминлашдек тадбирларни бажарилишида умумдавлат аҳамият касб этмоқда.

СЭС – Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1999 йил 2-декабрдаги 710-сонли буйруғи билан билан ДСЭНМга ўзгартирилди.

Бугунги кунда республика ҳудудида жами 227та ДСЭНМ, шундан 157таси туман, 40та шаҳар, 14та вилоят миқёсидаги, 14 та идоравий ва Республика ДСЭНМ фаолият кўрсатмоқда.

Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази санитария, гигиена ва аҳолининг хотиржамлиги масалаларида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

– санитария, гигиена талабларининг бажарилиши ҳамда эпидемияга қарши комплекс чора-тадбирларнинг уюштирилиши ва ўтказилишини таъминлайди ҳамда Давлат санитария назоратини амалга оширади;

– юқумли ва паразитар касалликлар, касб касалликлари, заҳарланишлар, шунингдек радиация омиллари билан боғлиқ бўлган касалликларнинг келиб чиқиши ва тарқалиш хавфи туғилган тақдирда ЎзР ВМ, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқарув идораларбилан биргаликда Бош Давлат санитария врачининг кўрсатмаларига мувофиқ белгиланган тартибда тегишли тадбирларни жорий қилади ва эпидемияга қарши тартиб ўрнатади;

– мулкчилик шаклидан катъий назар корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва шахсларнинг санитария-гигиена меъёрларига амал килишлари, эпидемияга карши талабларни бажаришлари устидан Давлат санитария назоратини амалга оширади;

атроф-мухит омилларининг инсон саломатлигига таъсирини лаборатория (санитария-гигиена, бактериология, вирусология, паразитология, радиология, токсикология ва ўта хавфли инфекциялар) текширув таҳлиллари натижаларига асосланиб ўрганади ва салбий омилларни бартараф этиш тадбирларини амалга оширади;

аҳоли ўртасида касалликларни олдини олиш, санитария маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб килишда фаол иштирок этади;

– чет эллардан келтирилаётган ҳамда Республикада ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари ва ишлаб чиқариш технологиялари, шунингдек асбоб-ускуналарига гигиена сертификат бериш билан шуғулланувчи ҳудудий ДСЭНМлар қошидаги бўлимлар фаолиятини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

– республика, вилоят, шаҳар ва туманлардаги даволаш-профилактика муассасаларида шифохона ичи инфекцияларини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқади ва бажарилишини назоратга олади;

– санитария, гигиена ва эпидемиология масалалари бўйича келиб тушган ариза ва шикоятларни кўриб чиқади, ушбу масалаларда юзага келган зиддиятларни бартараф этиш бўйича тадбирларни амалга оширади.

– санитария-эпидемиология назорати хизматининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича устивор йўналишларини ишлаб чиқади ва амалиётга жорий этади. Қонунчиликка зид бўлмаган бошқа тегишли фаолият турларини белгилайди ва амалга оширади.