Home / Maqola / БАНКАДАГИ ЗАҲАР ЁХУД БОТУЛИЗМДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ !

БАНКАДАГИ ЗАҲАР ЁХУД БОТУЛИЗМДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ !

Ёз, куз ойларида ҳар бир хонадонда мева-сабзавотлардан тузлама ва консервалар тайёрланади. Қиш ва бахор фаслларида эса бу маҳсулотлар дастурхонимиз кўркига айланади ҳамда оиламиз билан севиб тановул қиламиз. Аммо барчамиз ҳам уларни қандай тайёрлаш ва сақлаш лозимлиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Ҳозирда овқатланиш борасида энг хавф туғдираётган маҳсулот — бу консерваланган банкалардаги турли сабзавотли салатлар Шу сабабли, баъзида ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш ошқозон-ичак касалликларига олиб келади.

Ботулизм билан касалланиш ҳолатлари мамлакатимизда ҳам учраб турибди. Бунинг олдини олишда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини янада кучайтириш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиши муҳим аҳамиятга эга. Одатда уй бекалари ёз-куз ойларида мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотлардан ҳар хил тузлама ва консервалар тайёрлайди. Бу жараёнда маҳсулотларни яхши ювмаслик, уни қайнатишда белгиланган талабларга тўла риоя этмаслик ботулизм касаллиги келиб чиқишига сабаб бўлади. Айниқса хозирги кунда бодринг ёки помидор маҳсулотларининг таранглиги бузилмаслиги учун қайнатилмасдан, маҳсулотларни қайнаган сувга бир икки чайиб олиб қопқоғини беркитиш холатлари учраётганлиги, бу эса ботулизм қўзғатувчиларини етарли зарарсизлантирмаслигига олиб келади.

Шу­нинг­­дек, консерваларни тайёрлашда зарур қои­даларга риоя қилмас­лик, «ботулизм» касал­ли­ги белгиларини бил­мас­лик ва оқибатда врач ёрдамига кеч му­ро­жаат қилиш са­баб бўлмоқда. Бемор­лар­ни шифохоналарга ўз вақтида мурожаат қилмасликлари заҳар­ла­нишнинг оғир шакллари – юрак-қон томир ва ўпка етишмаслиги бу аъзоларнинг фалаж­ла­ниши оқибатларига олиб келади. Бундай ҳо­лат­ларда беморларга кўрсатилган тиббий ёр­дамнинг самараси де­яр­ли бўлмайди

Ботулизм споралари билан зарарланган маҳсулотни истеъмол қилиш оқибатида мазкур касаллик келиб чиқади. Ботулизм ўткир юқумли хасталик бўлиб, қўзғатувчилари табиатда кенг тарқалган ва узоқ сақланиш хусусиятига эга. Ушбу касалликни микроблар эмас, балки ундан ажралиб чиқувчи токсинлар келтириб чиқаради. Бу микробларнинг ривожланиши ва экзотоксин ажратиб чиқариш учун анаэробик шароитлар айнан консерва маҳсулотларида бўлади. Шу боис консерва тайёрлашда маҳсулотни 120 даражадан юқори ҳароратда уч соатдан кўпроқ қайнатиш, шиша идишни ва қопқоғини яхшилаб зарарсизлантириш, ёпилган шиша идишни 20 даражадан юқори бўлмаган ҳароратда сақлаш лозим.

Инсониятга маълум бар­ча турдаги микроб токсинларидан кучли ток­син ажратувчи бо­ту­лизм таёқчаси ташқи му­ҳитда, спора ҳола­ти­да тупроқда кенг тар­қал­ган. Ташқи муҳитга микроб тарқатувчи ман­ба – одамлар, уй ва ёв­войи ҳайвонлар, қуш­лар, балиқлар, ҳаша­рот­лардир. Озиқ-овқат маҳ­сулотларига ботулизм споралари тур­ли йўллар билан тушади. Масалан, мева-сабзавотларга тупроқ ва чанг орқали, гўшт маҳ­су­лотларига қорамол, қўйларни ва паррандаларни сўйиш, бў­лиш ва майдалаш жа­ра­ёнларида тушиш мум­кин. Балиқ маҳсу­лот­ла­ри ифлосланиши ичак орқали ёки тутиш вақ­тида ташқи қоплама­ла­рининг жароҳатланиши на­тижасида тушади. Ботулизм споралари ўта чидамли бўлганликлари боис маҳсулотларни қай­та ишлаш жараёнида сақланиб қолиши мум­кин

Консерва маҳсулотларини истеъмол қилишдан олдин уни яна бир марта яхшилаб қовуриш ёки қайнатиш, ортиб қолганини музлаткичда сақлаш мақсадга мувофиқ. Қопқоғи кўтарилиб қолган консерваларни (бомбаж) асло истеъмол қилмаслик тавсия этилади. Уларни татиб кўришнинг ўзи хатарли, шу боис бундай консерваларни ташлаб юборган маъқул.

Бош оғриғи, иштаҳасизлик, кўнгил айниши, қайд қилиш, қорин оғриғи, дастлаб ич кетиши, сўнгра ич қотиши касалликнинг дастлабки клиник белгиларидир. Бундай ҳолатлар аниқланганда, зудлик билан тез тиббий ёрдамни чақириш ёки оила шифокорига мурожаат қилиш керак. Уй шароитида ўзи билганча даволаш натижасида касалликнинг оғир шакллари — юрак қон-томир ва ўпка хасталиги юзага келиши, беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Бундай беморлар, албатта, юқумли касалликлар шифохонасида ётиб даволаниши мақсадга мувофиқ. Чунки, ушбу тиббиёт муассасаларида ботулизмни даволаш учун ишлатиладиган антитоксин зардоби ва бошқа дори-дармонларнинг етарли миқдорда захираси яратилган.

Ботулизмнинг енгил турида беморлар 2-3  ҳафтадан кейин, оғир турларида 2-3 ойдан ке­йин соғаяди. Фақатгина ўз вақтида ташхис қў­йиш ва махсус даво қўл­ланилиши бемор ҳаё­тини сақлаб қолиши мум­­кин. Ботулизмнинг махсус даволаш усули ботулизмга қарши зар­доб юборишдир. Бе­мор­га зардоб қанча эр­та юборилса, ўлим ҳо­лати шунча камаяди.

Ботулизмнинг олдини олиш ўз қўлимизда. Бунинг учун уй бека­лари бузилган, лат еган мева-сабзавотларни кон­сервалашда иш­ла­тишлари мумкин эмас. Ав­вал фойдаланилган, бир марта ишлатишга мўлжалланган елим идиш­­ларда маҳ­сулот­ларни консервалашда ишлатиш умуман тавсия этилмайди. Шиша бан­ка­ларни ишлатишдан ол­дин яхшилаб ювиш, синган ва дарз кетган идиш­лардан фойда­ланмаслик талаб қи­ли­нади. Мева-сабзавот­лар­ни тозалаб, меъё­ри­га етказиб, термик иш­лов бериш зарур. Зам­буруғларни тузлаш ва сиркалаш, усти очиқ ёки дока қоғоз ёпилган ҳол­да амалга оширилиши ке­рак. Гўшт ва балиқ консерваларини уй ша­роитида тайёр­ламага­нингиз маъқул. Бунинг учун консервалашда ишла­таёт­ган сирканинг си­фати кафолатланган бў­лиши, узоқ муддат ва очиқ сақланган бўлмас­лиги лозим.

Яқинлашиб келаётган янги йил байрамида кўнгилсиз ҳолатлар юзага келишини олдини олиш мақсадида, сохта тадбиркорлар томонидан бозорлар­да, кўча-кўйда соти­лаёт­ган ёрлиқланмаган, сифати кафолатланмаган, уй шароитида тайёрлан­ган озиқ-овқат маҳсу­лот­ларини сотиб олмаслик ва истеъмол қилмаслик нафақат бо­тулизм, балки бошқа кўплаб юқумли касалликлардан сизни сақлайди.

Туманимизда Давлат санитария – эпидемиология назорати маркази мутахассислари тегишли давлат ва жамоат тузилмалари вакиллари билан ҳамкорликда бозорлар, савдо мажмуа­лари ҳамда белгиланмаган жойларда бундай маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мунтазам назорат тадбирлари ўтказмоқда. Таълим муассасалари ва жамоат жойларида фаолият юритаётган қаҳвахоналар, овқатланиш шохобчаларида санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш доимий эътиборда бўлиб, мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли касалликлар бўйича санитария-эпидемиологик муҳит барқарорлигини сақлашга хизмат қилмоқда.

Савдо шохобчаларидан, ошхона, кафелардан озиқ-овқат маҳсулотини харид қилаётганингизда бу харидни амалга ошириш учун ундаги сифат сертификатига, маҳсулотнинг ёрлиқларига, яроқлилик муддатига алоҳида эътибор қаратинг. Сизнинг саломатлигингиз нафақат ўзингизга, балки оилангиз ва жамиятга ҳам кераклигини унутманг.

About

Leave a Reply

x

Check Also

Безгакдан сакланинг.

Безгак касаллиги бу огир дард булиб хозирги даврда дунёнинг 90 мамлакатида таркалган ...