Home / Maqola / Қутуриш — хавфли касаллик

Қутуриш — хавфли касаллик

Қутуриш — ҳайвонлар ва одамда учрайдиган, асаб тизимининг оғир шикастланиши билан кечадиган ҳамда ўлим билан якун топадиган ўта хавфли юқумли касалликдир.

Касалликнинг асосий манбаи қутурган уй ҳайвонлари — ит, мушук, сигир, от, эшак, чўчқа, шунингдек, чиябўри, тулки, бўрсиқ ва бошқа ҳайвонлар ҳисобланади. Қутуриш касаллиги йилнинг барча фаслларида, айниқса, баҳор ва куз ойларида кўпроқ учрайди. Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, одамларга қутуриш касаллиги 90-95 фоиз ҳолатларда итлардан юқади. Касалликка чалиниш ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши, тишларининг қадалиши, шунингдек, жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватларига сўлаги тушиши оқибатида юз беради. Жароҳатланган терига тушган ҳайвонларнинг сўлагидаги вирус асаб толалари бўйлаб бош ва орқа мияга етиб боради ва уларда кўпайиб, чуқур ўзгаришларга сабаб бўлади. Айниқса, адашган асаб — томоқтил ва тил ости асабларининг ядролари кўпроқ зарарланади. Ютиш ва нафасда қатнашадиган мускулларнинг тортишиб қисқариши, талвасага тушиб, тиришиши, қаттиқ терлаш ва сўлак оқиши ана шу  асаб толаларининг зарарланишига боғлиқ. Бош мияда кўпайган вируслар асаб толалари орқали ички органларга, жумладан, сўлак безларига ўтади. Касаллик ўта оғир кечиб, ўлим билан тугайди.

Касалликнинг яширин даври 1-2 ой давом этади, баъзан 2 ҳафтагача  қисқариши ёки 1 йилгача узайиши мумкин. Яширин даврнинг қисқа ёки узоқ бўлиши қутурган ҳайвон тишлаганида юзага келган жароҳатнинг қаерда жойлашгани, катта-кичиклиги ва чуқур-юзакилиги билан изоҳланади. Жароҳат бош ёки юзда бўлса, яширин давр қисқаради. Болаларда эса бу давр катталардагига қараганда қисқароқ давом этади.

Қутуриш касаллиги асосан уч ­даврга ажратилади:

– бошланғич ёки продрома даври;

– қўзғалиш даври;

– фалаж даври.

Қутуриш касаллигига чалинган ҳайвонлар тажовузкор бўлиб, дуч келган ҳайвонлар ва одамларга ташланади, тишлашга, тирнашга ҳаракат қилади. Ёруғликдан қўрқади, қоронғу жойга кириб олишга ҳаракат қилади, эгаси чақирганида олдига келмайди. Овқатланишдан бош тортади, тўғри келган жисмларни оғзига солиб, ютади, оғзидан жуда кўп сўлак оқади, безовта бўлади, товуши бўғила бошлайди ва орқа оёқларида юролмай қолади, яъни фалажланиш ҳолатлари кузатилади. Касаллик ўлим билан якун топади.

Қутуриш касаллигининг олдини олиш учун итни доимо боғланган ҳолда сақлаш, кўчага олиб чиқилганда тумшуқ тасмасини тақиш, тунда кўчага чиқариб юбормаслик ва қаровсиз қолишига йўл қўймаслик керак. Итларни сотиб олишда ва бошқа жойга кўчганда, уларни тегишли давлат ветеринария бўлимларида рўйхатдан ўтказиш ҳамда қутуриш касаллигига қарши  эмланиши лозимлигини унутмаслик зарур. Бундан ташқари, уйда сақланаётган уй ҳайвонларини мунтазам равишда ветеринария кўригидан ўтказиш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-сонли “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидалари тасдиқланган.

Ушбу қарорда итларни рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва вакцинация қилиш, итлар ва мушукларни сақлашга нисбатан қўйиладиган талаблари, итлар ва мушуклар эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари берилган бўлиб, ушбу Қоидалар бузилган тақдирда белгиланган тартибда ички ишлар органлари томонидан итлар ва мушукларнинг эгалари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган.

Азиз фуқаролар! Мабодо, сизни ҳайвон тишласа ёки сўлаги жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватингизга тушса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилишни ҳамда мутахассис тавсиясига кўра, қутуришга қарши ўз вақтида ва тўлиқ эмланишни унутманг.

Leave a Reply

x

Check Also

Безгакдан сакланинг.

Безгак касаллиги бу огир дард булиб хозирги даврда дунёнинг 90 мамлакатида таркалган ...